АМИРОБОД МАДАНИЯТИ — қад. Хоразмнинг сўнгги жез даври маданияти (мил. ав. 9—8-а. лар). С. П. Толстое раҳбарлигидаги Хоразм археология-этнография экспедицияси Қорақалпоғистон Республикасидаги Амиробод канали атрофидан топиб текширган (1937— 40). Амиробод маданияти мад. Сув ёрган маданияти ва тозабоғёп маданияти уйғунлашуви асосида шаклланган. Бу маданиятни яратган халқлар уруғ жамоаларига бирлашиб, обикор деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган. Қишда ёғоч ва қамишдан қурилиб, усти лой билан сувалган кулба ҳамда ярим ертўлаларда, ёзда енгил бостирмаларда яшаган. Шундай кулба ва ярим ертўлаларнинг 15—20 таси битта . қишлоқни ташкил қилган. Ҳар бир турар жой саҳни 75—110 кв. м бўлиб, унинг ўртасидаги 3×1 м ли катта ўчоқда доим олов ёниб турган. Таом тайёрлаш учун кичик ўчоқлардан фойдаланилган. Ўша давр қолдиқларига кўра, Амударё дельтаси Ақчадарё ир-моқларидан эни 10—15 м, уз. 1—2 км келадиган каналлар қазилган. Амиробод маданияти мад. нинг ноёб ёдгорликлари Яккапорсон 2 ва Қубод 2 ёдгорликларидан сиртига турли шакллар чизилган сопол идишлар, шунингдек маржон ва чиғаноқ шодалари, жездан ясалган тақинчоқлар, бигизлар, ўроқ ҳамда ўқ учлари ва уларнинг қолиплари топилган. Жез ашёларнинг кўплаб топилиши ўша даврда металл қуйиш техникасининг ривожланганлигини, халқ хўжалигидан тош қуролларнинг меҳнат қуроллари сифатида сиқиб чиқарилганлигини кўрсатади.
Ад.: Толстов С. П., По древним дельтам Окса и Яксарта, М., 1962; Ягодин В. Н., Поселение амирабадской культуры Кават 2, Материалы Хорезмской экспедиции, вып. 6, М., 1963.