АМИР ул-УМАРО (араб. — амирлар амири, олий амир) — ўрта асрларда Мовароуннаҳрда кенг тарқалган энг юқори ҳарбий унвонли амалдор. У олий бош қўмондон ҳисобланиб, бутун ҳарбий ишлар унинг қўлида бўлган. Бундан ташқари, Олтин Ўрда ва Чиғатой улусида ҳукуматнинг барча бош ижро идоралари (девонлар) ҳам Амир ул-Умаро қўлида бўлган. Лекин Амир Темур ва темурийлар замонида Амир ул-Умаро фақат бош қўмондонлик, кўп ҳолларда подшоҳ ҳудайчиси (адъютанти) вазифасини ўтаган. Давлат ижро идоралари эса визири аъзам қўлида бўлган. Амир ул-Умаролик лавозими Қўқон хонлигида амири лашкар, беклар беги, Туркия ва Озарбайжонда 17—19-а. ларда беклар беги деб аталган. Хива хонлари архивидан маълум бўлишича, саройда унга хизмат қилувчи махсус ходимлар, чунончи 35 фаррош, 80 хизматкор, 4 сайис ва 6 дарвозабон бўлган. Сарой лавозимлари ичида Амир ул-Умаро Хива хонлигида нақибдан кейин келган ва унинг маоши 500 тиллани ташкил қилган. Бундан ташқари бир неча вилоятнинг даромадлари Амир ул-Умаро ихтиёрига берилган.