АМИР ТЎРА МАДРАСАСИ

АМИР ТЎРА МАДРАСАСИ — Хивадаги меъморий ёдгорлик (1870). Ичан қалъанинг шим. қисмида жойлашган. Муҳаммад Раҳимхон II нинг акаси Амир Тўра қурдирган. Чортоқ тарҳли (52,6×36,7 м), пештоғи маҳобатли, икки ён томонида қўшқаватли уч жуфт ҳужра бор. Тўрт бурчагидаги гулдаста-миноралар парчин белбоғли, мавж усулида безатилган. Масжид ва дарсхонанинг тузилиши бир хил. Масжид жан. даги айвон гумбаз томли, гумбаз ости тоқилари олти қиррали, унга уч қатор муқарнас ишланган. Ҳовли (30,7×19,35 м)нинг икки ён томонига бир қаватли, олди равоқли кўндаланг ҳужралар ишланган. Ҳовли бурчакларидаги ҳужраларга даҳлиздан кирилади. Ҳужралар балхи гумбазли, дарчаларига панжаралар ўрнатилган. Уч гумбазли миёнсаройнинг икки ён томонида дарсхона бор. Амир Тўра Мадрасаси 1970 й. да таъмирланган, бош тарзи олдига савдо растаси жойлаштирилган.