АМИР БУРУНДУҚ МАҚБАРАСИ

АМИР БУРУНДУҚ МАҚБАРАСИ, Бурундуқ мақбараси — Самарқанддаги меъморий ёдгорлик (14-а. охири). Амир Темурнинг қўшин бошлиғи амир Бурундук қабри устига қурилган. Шоҳизинда ансамбли таркибидаги бир хонали, пештоқли, қўш қават гумбазли бино. Пештоқи нақшли сопол парчин, бўртма нақшли кошин, силлиқланган ғишт қоплаб безатилган. Бино ичига кўк рангли парчинлар, қизил кесакдан бежирим нақшлар ишланган. Жан. деворида — қабристон томонда эшиги бор. Ертўла — гўрхонаси чортоқ тарҳли; Туркистон меъморлигида кам учрайдиган чортоқ гумбаз билан ёпилган. Ичкарида 9 та қабр сақланиб қолган.