АМИНОВА Раҳима Ҳодиевна

АМИНОВА Раҳима Ҳодиевна (1925.18.11, Қўқон) — тарихчи олима, Ўзбекистон ФА акад. (2000), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1985), тарих фанлари д-ри (1963), проф. (1968). Ўрта Осиё давлат унтининг шарқ ф-тини битирган (1948). Ўзбекистон ФА Тарих ва археология ин-тида илмий ходим (1953 — 57), бўлим мудири (1957—93), етакчи илмий ходими (1993 йдан). Илмий ишлари Ўзбекистонда саноат ишчилари тарихи, аграр масала, хотин-қизлар ҳаракати ва б. мавзуларга бағишланган. Ўзбекистон хотин-қизлари орасида жамоат ишлари олиб борган. Аминова 13-Халқаро тарих фанлари конгрессида (Москва, 1970), 14-Халқаро тарих фанлари конгрессида (Сан-Франциско, 1975), 9-Жаҳон социологлари конгрессида (Упсала ш., Швеция 1978), 10-Жаҳон социологлари конгрессида (Мехико, 1982), 16-Халқаро тарих фанлари конгрессида (Штутгард ш., 1985), АҚШда бўлиб ўтган Халқаро тарихчилар илмий конференциясида (1986), шунингдек Эфиопия, Жазоир, Болгария ва б. мамлакатларда ўтказилган халқаро симпозиум ва конференцияларда илмий маъ-рузалар қилган. Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1968).