АМИГДАЛИН

АМИГДАЛИН — глюкозидлар синфига мансуб табиий органик бирикма. Аччиқ бодомда (2,5 — 3,5%), шафтоли (2—3%), олхўри (1 — 1,8%), олча (0,8%) данагида, олма, нок уруғида ва б. да бўлади. Амигдалин — ялтироқ пластинкасимон модда. Суюклашиш т-раси 215°, сувда ва қиздирилган спиртда яхши эрийди. Амигдалиннинг кислоталар ҳамда аччиқ бодом мевасининг сувдаги экстрактида бўладиган эмульсин ферменти таъсирида гидролизланиши натижасида D-глюкоза, бензальдегид ва цианид кислота ҳосил бўлади. Амигдалин одам ичагида ферментлар ва бактериялар таъсирида парчаланиб, цианид кислотага айланади ва организмнинг заҳарланишига олиб келади.