АМФИДИПЛОИДЛАР (юн amphi – ёнида, атрофида, diploos — жуфт ва eidos — кўриниш, тур) , аллотетраплоидлар — турлараро чатиштириш асосида пайдо бўлган дурагайлар хромосомаларининг иккита диплоид тўпламига эга бўлган организмлар. Амфидиплоидлар организм ҳар бир турдан биттадан диплоид хромосомалар тўпламини олади. Туркумлараро аллотетраплоидлар — биринчи марта 20-й. бошида Г. Д. Карпеченко томонидан турп билан карамни чатиштириш орқали олинган. Кейинчалик Амфидиплоидлар жавдар билан буғдой тритикале, буғдой б-н буғдойиқ — буғдой-буғдойиқ дурагайлари олинган. Амфидиплоидлар дастлабки турларнинг белгиларини мужассамлаштирган бўлади. Mac, турп билан карам дурагайи рафанобрассика меваси қўзоғининг бир қисми турп, иккинчи қисми эса карам қўзоғига ўхшаш бўлади. Б. Л. Астауров ипак қуртларининг иккита тури (Bombyx mori ва В. mandarina)ни чатиштириш орқали Амфидиплоидларни олиш мумкинлигини исботлайди. Амфидиплоидларнинг ҳар бир хромосомаси ўзининг гомологига эга бўлиши, мейозда жинсий ҳужайраларнинг вужудга келиши нормал кечиши туфайли Амфидиплоидлар организмлар серпушт бўлади. Амфидиплоидлар табиий ва сунъий йўллар: уруғланган тухумҳужайрадаги ёки биринчи авлод (F,) дурагайларининг ёш муртаги хромосомалари сонини икки ҳисса орттириш; иккинчи авлодда (F2) амфидиплоидликка олиб келувчи редукцияланмаган гаметаларни дурагайлар биринчи авлодида (Ғ,) ҳосил қилиш; аутотетраплоид формаларни чатиштириш ва диплоид гаметаларни қўшиш; Ғ, дурагайнинг археспорий тўқимасида хромосомалар сонини икки ҳисса кўпайтириш ва б. натижасида олинади. Табиий шароитда Амфидиплоидлар бўлинаётган ҳужайра хромосомаларининг қутбларга ажралиш механиз-мига турли омиллар (ҳаддан ташқари юқори ёки паст ҳарорат, тўқиманинг механик ёки кимёвий шикастланиши) таъсирида вужудга келади. Ҳужайра бўлинишидаги бузилишлар бўлиниш урчиғи функциясининг тўхташига сабаб бўлади ва натижада хромосомаларнинг қутбларга ажралиши, яъни навбатдаги цитокинез содир бўлмайди.
Селекцияда Амфидиплоидлардан турлараро дурагайлар пуштсизлигини бартараф этишда фойдаланилади. Амфидиплоидлар тур ҳосил бўлиш жараёнида муҳим аҳамиятга эга, улардан қад. турларни тиклаш (ресинтез) мақсадида фойдаланиш мумкин. Мас, ёввойи олча (Prunus divarica ва Р. spinosa)ни чатиштириш орқали экиладиган олхўри (P. domestica)нинг олиниши олхўрини турлараро дурагайлаш натижасида келиб чиққанлигини кўрсатади.
Сайфилло Тўйчиев.