АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ ЭКСПОРТ-ИМПОРТ БАНКИ, Эксимбанк (Bank of the United States) — АҚШнинг мамлакат экспорт-импорт операцияларини кредитлаш бўйича давлат банки. Аксарият 5 йилдан ва ундан ортиқ муддатга кредитлар, кафолатлар беради. 1934 й. да ҳукумат томонидан «Вашингтон экспорт-импорт банки» номи билан ташқи савдони молиялаш учун ташкил этилган. 1968 й. дан ҳоз. номда. Банк хорижий харидорларга кредитлар ва экспорт кредитлари бўйича кафолатлар беради, экспорт кредитларини суғурталаш, Америкадаги кредитор хусусий банкларнинг экспорт векселларини ҳисобга олиш ва б. б-н шуғулланади. Сармояси 1 млрд. доллар. Ресурсларнинг асосий манбаи АҚШ пул бозори воситалари ва давлат хазинасининг узоқ муддатли қарзлари. Кредитлар ва кафолатларнинг йиллик ҳажмини АҚШ конгресси белгилайди. Мазкур банк Ўзбекистон АҚШдаги «Кейс корпорейшн» компаниясидан кредит ва молиявий лизинг шартларида қ. х. техникаси (ғалла ўриш комбайнлари, пахта териш машиналари, ҳайдов тракторлари)ни сотиб олишида хорижий банкларнинг кредитларини суғурта қопламаси билан таъминлашда иштирок этди (1997).