АМЕРИКА ДАВЛАТЛАРИ ТАШКИЛОТИ

АМЕРИКА ДАВЛАТЛАРИ ТАШКИЛОТИ (АДТ) — Ғарбий ярим шардаги халқаро минтақавий ташкилот. 1948 й. да Америка давлатларининг 9-халқаро конференциясида (Богота ш.) тузилган. АДТга аъзо давлатлар ратификация қилганидан кейин 1951 й. да кучга кирган. Унга мувофиқ, АДТнинг мақсади: қитъада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, аъзо давлатлар ўртасида рўй берадиган ихтилофларни бартараф этиш, четдан тажовуз қилинган тақдирда унга қарши биргаликда ҳаракат қилиш, АҚШ, Канада ва Лотин Америкасидаги жами 33 аъзо мамлакатга тааллуқли сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий муаммоларни ҳал этишга ёрдам бериш, иқтисодий, ижтимоий ва маданий тараққиёт йўлида ҳамкорлик қилишдан иборат. АДТнинг олий органи — Ташқи ишлар вазирликларининг Бош ассамблеяси, ижрочи органи — АДТнинг Доимий кенгаши (Вашингтонда).