АЛЁР

АЛЁР — халқ қўшиқларининг бир тури, ўтмишда жўра (улфат)лар даврасида қадаҳ тутиб айтилган. Косагул (соқи) қўлида бўза ёки май тўддирилган қадаҳ тутиб, даврадагиларга: «Алёр бўлсин-ай, Хўжам ёр бўлсин-ай, Хўжам берган бу давлатга душман зор бўлсинай», — дея мурожаат қилган. Қадаҳни (косани) олган суҳбатдош ўз навбатида жўрабоши хоҳишига кўра, бирор қўшиқ ёки рақс ижро этган. Бундай пайтда чилдирма жўрлигида куйланадиган махсус қўшиқлар ҳам бўлган. Улар кўналар, ҳаққонлар ва бўзагарлар қўшиғи деб ҳам аталади. Бўзагарлар қўшиқлари икки банд (тўртлик)дан иборат бўлиб, биринчи банднинг биринчи мисраси қайси сўз билан бошланса, иккинчи банднинг биринчи мисраси ҳам ўша сўз билан бошланиши шарт. Алёрдан халқ достонларида ҳам кенг фойдаланилган. Мас, Барчинни излаб бораётган Ҳакимбек йўлда, қабристонда ухлаб қолганида, улар руҳининг айтишуви: «Коса ушлаб қўлим толди, Бийнинг қизи маҳтал бўлди, Хон тўрам, сизга не бўлди, Олинг, алёр-алёр», бунинг ёрқин далилидир.