АЛУФА, улуфа (араб. — хашак, ем) — 1) ҳарбий қўшин ва лашкар ихтиёридаги от-улов учун аҳолидан тўпланадиган натурал солиқ. Чопарлар ва элчиларнинг от-уловлари ҳам Алуфа орқали йиғилган емхашак билан таъминланган. Жангчиларга бериладиган маош ҳам Алуфа деб аталган. Мас. «Темур тузуклари»да Амир Темур «Яна буюрдимки, ўнбоши юзбошининг тасдиғи б-н, юзбоши мингбошининг тасдиғи б-н, мингбоши амир улумаронинг тасдиғи билан улуфа олсинлар» деб кўрсатма беради. Алуфа истилоҳи 12-а. дан маълум;
2) 18-а. да Бухоро хонлигида ғозииларни натура (буғдой ва б.) ҳамда пул билан тақдирлаш.