АЛЬТЕРНАРИОЗЛАР — ўсимликларнинг замбуруғли касалликлари. Экинларда Альтернариозларни Alternaria туркумига мансуб замбуруғлар қўзғатади. Касалланган ўсимлик тўқималари устида сапрофит замбуруғ — альтернария тўқ жигарранг духобасимон доғ-ғубор ҳосил қилиб ривожланади. Доғлар доирасида тўқималар аста-секин ўлади. Дон экинлари, картошка, олма, карам, нок, резаворлар ва б. га катта зарар етказади. Ғўзада учрайдиган Альтернариозлар чаноқлардаги пах-тани бузади. Тола технологик хусусиятларини, чигит мойдорлик ва унувчанлигини йўқотади. Ўта намгарчилик, кузнинг эрта бошланиши, ҳашаротлар (ўсимлик битлари, ўргимчаккана, кўсак қурти) касалликнинг тарқалиши ва ривожланишига сабаб бўлади.
Кураш чоралари: ўсимлик қолдиқларини йиғиштириб олиш, кузги шудгорлаш, уруғликни дорилаш, вегетация даврида ўсимликка фунгицидлардан цинебнинг 1,5%ли суспензиясини пуркаш (яна қ. Замбуруғли касалликлар).