АЛЬП МИНТАҚАСИ

АЛЬП МИНТАҚАСИ — тоғлардаги табиий баландлик минтақаси, асосан мўътадил ва субтропик кенгликларда, аксари тоғ-ўтлоқ ландшафт типидан иборат. Субальп минтақасидан юқорида жойлашган тоғларнинг баландроқ қисмида A.m. нивал минтақаси билан алмашинади. Альп минтақасининг баландлик ҳолати географик кенглик, намлик даражаси ва ён бағирларининг экспозицияси билан боғлиқ. Альп тоғлари ва Ғарбий Кавказда Альп минтақаси 2000 м дан 3000 м гача, Ҳимолай тоғларининг жан. ён бағирларида 3600 м дан 5000 м гача ораликдаги баландликларни эгаллаган. Мўътадил ва субтропик кенгликлардаги тоғларнинг серёғин ён бағирларида аниқ намоён бўлган; юқорироқ кенгликларда тоғ-тундра минтақаси, қуйироқ кенгликларда эса баланд тоғ-дашт ва чўл минтақаси; экваториал кенгликларда ўтлоқлар (парамос) минтақаси билан алмашинади. Рельефнинг тоғ-музлик шакллари кенг тарқалган. Иқлими совуқ, қор қоплами қалин (6—10 ой сақланади), вегетация даври қисқа, қаттиқ шамоллар бўлиб туради, янв. нинг ўртача т-раси — 15°, июлники 14° чамасида, йиллик ёғин миқдори 1000 мм ва ундан кўп; тез-тез қор кўчкилари бўлиб туради. Альп ўсимликлари (бутазор ва ўтлоқлар) кенг тарқалган. Хўжаликда асосан ёзда яйловлар сифатида фойдаланилади. Ҳайвонот дунёси қуйи минтақаларга тез кўчиб ўта оладиган турлар (алқор, серпа, ёввойи эчки ва б.) ёки қишки уйкуга кетадиган кемирувчилардан иборат.