АЛП АРСЛОН

АЛП АРСЛОН (асл исми Муҳаммад ибн Довуд) (1029.20.1-1072, нояб.) — салжуқийлар султони (1063—72), моҳир саркарда. Грузия (1064), Озарбайжон (1064), Ўрта Осиё (1064-65)ни забт этган. 1071 й. Манцикерт яқинида (Шарқий Туркияда, Ван кўли атрофида) Византия императори Роман IV Диоген (1068—71) қўшинлари устидан зафар қозонган, натижада Кичик Осиёдаги Византия ерларини салтанатига қўшиб олган (кейинчалик бу ерларда Кўния султонлиги вужудга келган). Алп Арслон даврида мамлакат ишларини машҳур вазир Низомулмулк бошқарган. А. А. Бухорога юриш пайтида вафот этган.