АЛОҚА ЙЎЛДОШИ

АЛОҚА ЙЎЛДОШИ — қитъалараро кўп каналли радиотелефон, фототелеграф, телеграф ва телевизион алоқалари ўрнатиш мақсадида учирилган космик алоқа йўлдоши. А. й. фаол (актив) ва суcт (пассив) ретранслятор бўлиши мумкин. Алоқа узоқлиги йўлдошнинг Ер сатҳидан баландлигига, ретранслятор кўрсаткичларига ва алоқа ўрнатишда танланган электромагнит тўлқинлар частотасига боғлиқ. Ер сатҳидан баландлигига қараб Алоқа йўлдоши паст (500 км гача), ўрта (500—1500 км гача) ва юқори (1500 км дан ортиқ) орбитали бўлади. Паст ва ўрта орбитали Алоқа йўлдоши бир-биридан узоқда жойлашган пунктларда бир вақтда қисқа муддатгина кўринганлиги туфайли кўпинча юқори орбитали Алоқа йўлдоши танланади. Глобал (бошқариладиган) алоқа тизимини камида уч йўлдош ёрдамида ўрнатиш мумкин. Бунинг учун йўлдош орбитаси Ер сатҳидан 3600 км баландликда (уни муқим орбита дейилади) ва экваторга параллел бўлиши керак. Муқим орбитадаги йўлдошнинг Ер атрофида айланиш даври бир суткага тенг бўлганлигидан у ҳамма вақт бирор жой тепасида муаллақ туради (расмга қ.). Йўлдош уфққа нисбатан 10° дан ортиқ баландликка кўтарилганда у орқали жойлар орасида алоқа ўрнатиш мумкин. Шунинг учун алоқа давомийлиги орбитага ва жойларнинг географик координатларига боғлиқ. Географик узунликлари бир-бирига яқин, географик кенгликлари турлича бўлган пунктлар орасидаги алоқа экваториал орбитадаги йўлдош ёрдамида амалга оширилади.

Алоқа тизими бир ёки бир нечта йўлдошдан, уларга ўрнатилган ретрансляция аппаратурасидан ва Ердаги узатувчи қабул қилувчи аппаратлардан иборат.

Алоқа йўлдошига «Молния-1, 2, 3» (Россия), «Интелсат-3,4» (АҚШ), «Интерспутник» мисол бўлиши мумкин (яна қ. Космик алоқа).