АЛОМАТЧОЙ (Agrimonia) — раънодошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўтлар туркуми. 10 тури маълум. Ўзбекистонда Аломатчойнинг бир тури (A. asiatica) учрайди. У тоқ, патсимон баргли, майда сариқ гулли, сертук ўсимлик. Таркибида С ва К витаминлари, флавиноидлар, 18% гача ошловчи ва б. моддалар бор. Қайнатмаси табобатда меъда-ичак, бод, истисқо касалликларини даволаш ҳамда бавосилда қон кетишини тўхтатиш учун ишлатилади.