АЛМАШУВЧАН ЎЗАРО ТАЪСИР — айний зарраларнинг бир-бирига алоҳида таъсир кўрсатиши. Алмашувчан ўзаро таъсир зарраларнинг дискрет характеристикалари (заряди, спини, массаси) ва тўлқин функциясига боғлиқ. Кўпчилик ҳодисалар (мас, гомеополяр боғланиш ҳосил бўлиши, кристалларда зоналар ҳосил бўлиши ва ҳ. к.)га Алмашувчан ўзаро таъсир сабаб бўлади. Айний зарралар тизимида улар ўрнининг жуфт-жуфт бўлиб алмашинишидан юзага келадиган симметрияни акс эттирувчи соф квант эффект; классик физикада унга ўхшаш ўзаро таъсир йўқ.
Алмашувчан ўзаро таъсир катталиги, асосан, зарралар тўлқин функцияларининг устма-уст тушиш даражаси б-н, яъни уларнинг биргаликда фазонинг умумий қисмида бўлиш вақти билан белгиланади, шунинг учун бу зарралар ҳолатлари қанча кескин фарқ қилса, Алмашувчан ўзаро таъсирнинг ўрни шунча кам бўлади. Зарралар орасида ўзаро таъсир кучи мавжуд бўлганида Алмашувчан ўзаро таъсир бу кучни ўзгартиради. Мас, атомдаги электронларнинг айнан бир хиллиги ҳисобга олинганда электронларнинг бир-бирини итариши ўрни камаяди. Параллел спинли электронлар итаришиш энергиясининг эффектов камайиши атомлар, молекулалар ва кристалларда муҳим ўрин тутади. Мас, у ферромагнетизмни вужудга келтиради. Бу эффект водород молекуласи Н2 даги гомеополяр молекуляр боғланишга асос бўлади. Алмашувчан ўзаро таъсир ҳиссаси тизимнинг зичлиги ортиши билан камаяди.
Алмашувчан ўзаро таъсир атомнинг ташқи электрон қобиқларига энг катта таъсир кўрсатади. Атом ядросида ҳам алмашувчан эффектлар муҳим ўрин эгаллайди. «Алмашувчан ўзаро таъсир» ибораси зарраларнинг айнан бир хиллиги б-н боғлиқ бўлмаган, аммо коор-динаталар алмашишини тақозо қиладиган ўзаро таъсир (мас, ядро) кучларини белгилашда ҳам қўлланилади. Алмашувчан ўзаро таъсир атом ва молекула спектрлари, кимёвий боғлар, ферромагнетизм ва б. ни тушунтириб беради.