АЛМАШЛАБ УЛАШ ҚУРИЛМАСИ

АЛМАШЛАБ УЛАШ ҚУРИЛМАСИ — суюқлик, газ ёки электр токи йўлини ўзгартиришга имкон берувчи қурилма. Гидравлик, пневматик ёки электр А. у. қ. бўлади. Суюқликлар ва газ Алмашлаб улаш қурилмаси кўп йўлли кран, вентиль ва буғ тақсимлагич бўлиши мумкин. Электр занжирларини алмашлаб улашда турлича тузилишдаги Алмашлаб улаш қурилмаси ишлатилади. Мас, рубильник, пакетли виключатель. Радиоаппаратура ва алоқа қурилмаларида галетли қурилма, тумблерлар ва б. қурилмалар Алмашлаб улаш қурилмаси вазифасини ўтайди. Электр машиналари ва энергетика қурилмаларини ток б-н таъминлаш ва бошқариш занжирларини алмашлаб улаш учун турли виключателлар, контроллёрлар, контактсиз электр аппаратлари ишлатилади.