АЛМАИЙ НОМИДАГИ НАМУНА ИШ МАКТАБИ

АЛМАИЙ НОМИДАГИ НАМУНА ИШ МАКТАБИ — Тошкент ш. нинг Бешёғоч даҳасидаги собиқ рус-тузем мактаби биносида маҳаллий аҳоли болалари учун 1918 й. да очилган мактаб. Мактабга Назир Иноятов раҳбарлик қилган. Дастлаб болалар уйи тарзида ташкил қилинган. 1922 й. дан Алмаий номидаги намуна иш мактабига айлантирилган ва Туркистон Халқ Маорифи Комиссарлиги ихтиёрига ўтказилган. Мактабда меҳнат ва политехника таълимидан бошланғич тушунчалар амалга оширилган (ўқувчилар ўз юмушларини ўзлари бажарганлар, қ. х. ишлари билан шуғулланганлар, этикдўзлик, тўқувчилик, тикувчилик, дурадгорлик, чилангарлик, муқовачилик ва б. ишларни ўрганишган); мусиқа ва драма тўгараклари бўлган. Мактабда Теша Зоҳидов, Олим Шарафуддинов, Юнус Ражабий, Усмон Дадамуҳамедовлар ўқитувчилик қилишган. Бу мактаб республиканинг бошқа мактаблари учун ҳам ўзбек тили, адабиёти ва б. фанлардан ўқув дастур ва методик қўлланмалар ишлаб чиқиш ҳамда уларни тажрибадан ўтказишда катта ёрдам берган. Олим ва ёзувчилар Иззат Султон, Миртемир, Парда Турсун, Ҳасан Пўлат, Азимов Сулаймон шу мактабда ўқишган. 1929 й. да бошқа мактабларга қўшиб юборилган.