АЛЛОПОЛИПЛОИДИЯ

АЛЛОПОЛИПЛОИДИЯ (юн. allos – бошқа ва polyploos — кўп каррали) — ҳар хил турлар ёки авлодларга мансуб организмларни чатиштириш натижасида олинган дурагайларда икки ва ундан ортиқ геномларнинг каррали ортиши туфайли вужудга келган полиплоидия. А. дурагай полиплоидия деб ҳам аталади. Соматик ҳужайраларда ҳар икки ота-онанинг икки ҳисса ортган хромосомалари тўпламига эга бўлган Ааллотетраплоидлар ёки амфидиплоидлар дейилади. Аллополиплоидия муҳитнинг турли хил экстремал шароитларига юқори адаптив мосланувчанлиги ва чидамлиги билан диплоидлардан ажралиб туради. Аллополиплоидия янги форма ва тур пайдо бўлишининг омили сифатида эволюцияда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ундан селекция ишларида фойдаланилади. Экинларнинг кўп турлари (мас, Мексика ва перу ғўзаларинингг тетраплоид навлари) аллополиплоидлар ҳисобланади. Аллополиплоидия диплоид организмларга нисбатан серҳосил бўлади.