АЛЛИГАТОРЛАР (Alligator) — тимсоҳлар туркумининг бир уруғи. Икки тури: Миссисипи ва Хитой А. бор. Миссисипи Аллигаторлар ёки чўртан A. (A. missisipiensis) Шим. Американинг жануби-шарқида тарқалган, бўйи 4,6 м га яқин, олдинги оёқ бармоқлари орасида сузгич пардаси бор. Хитой A. (A. sinensis) Янцзи дарёсининг қуйи оқимида тарқалган, бўйи 2,5 м га яқин. Аллигаторларнинг асосий озиғи балиқ, одамга ҳужум қилмайди. Май охири ва июнь бошида урчийди. Урғочиси 20— 60 дона тухум қўяди. Аллигаторлар 85 й. гача умр кўради. Бир вақтда А. Шим. Америкада кўп эди. Териси учун кўплаб овланганидан ҳозир камайиб кетган. Аллигаторларнинг ошланган терисидан сумка, чамадон, эгар қопламаси каби буюмлар тайёрланади. Иккала тур ҳам Халқаро Қизил китобга киритилган. АҚШ ва Кубада Миссисипи Аллигаторлар махсус фермаларда боқилади.