АЛЛЕГОРИЯ

АЛЛЕГОРИЯ (юн. allegoria — ўзгача ифодалаш, киноя, қочирим) — бадиий тасвир, образлилик тури; мавҳум тушунча ёки ғояларни муайян нарса, воқеа ва ҳодиса орқали ифодалаш. Mac, «тўти» сўзининг «гапдон», «булбул» сўзининг «яхши қўшиқ айтувчи» маъно ифодалари бўлса, «бўри», «тулки» сўзларидан «ёмонлик», «ёвузлик», «айёрлик»ни ифодаловчи салбий маъноларда фойдаланилади. Сўз билан образ ўртасидаги алоқа ўхшашлик ёки уйғунликка асосланади (мас, қалб—севги). Шарқ адабиёти, ўрта асрлар (Уйғониш даври) Ғарб адабиётида барокко, классицизм руҳидаги санъатда Аллегория воситасида яратилган образлар кўплаб учрайди (мас, адлия соҳасида «адолат» тарозу кўтариб турган аёл шаклида ифодаланади).

Аллегория масал ва эртакларнинг айрим турларида кенг қўлланилади (яна қ. Мажоз).