АЛЛА — 1) болани ухлатиш жараёнида яккахонлик услубида айтиладиган қўшиқ. Ўзбек, уйғур ва тожик халқлари орасида Алла номи билан юритилади. Одатда оддий куйлар б-н, баъзида речитатив тарзда, бешик ёки беланчакни тебратиш суръатига мос равишда ижро этилади. Матни, асосан, тўртлик; ижро услуби эркин, бадиҳагўй. А. онанинг болага бўлган меҳр-муҳаббати, умид ва орзулари, яхши ният ва тилакларини англатиш б-н бирга руҳий кечинмаларини ҳам ифодалайди. Шу боис баъзи Алла намуналари йиғи оҳангларига яқин бўлади;
2) бешик тўйи жараёнида бешикни олиб кираётган аёллар томонидан айтиладиган қўшиқ. Ижро хусусиятлари байрамона маросим кайфиятига мос; тантанавор доира усули жўрлигида куйланиши мумкин; 3) Ўзбекистоннинг баъзи ҳудудларида Алла номи билан айтиладиган маросим қўшиқлари. Mac, Бухоро вилояти Олот ва Қоракўл туманлари ҳамда Хоразмда дафн маросими жараёнида навбат билан аёллар (ёки махсус чақирилган аллачигўянда, халфа) томонидан бадиҳа услубида айтиладиган қўшиқ ва б. Айрим тахминларга кўра, Алла номи «Аллоҳ» сўзидан келиб чиқиб, Яратгандан чақалоқни ўз паноҳида асрашни илтижо қилишга нисбат билан боғлиқ. Анъанавий Алла хусусиятларидан ўзбек бастакорлари (Т. Жалилов, Ю. Ражабий, Ф. Содиқов) ва композиторлари (А. Муҳамедов, Ик. Акбаров, С. Юдаков) ижодий фойдаланишган.
Ад: Алавия М., Ўзбек халқ маросим қўшиқлари, Т., 1974; Романовская Е., Статьи и доклады. Записи музыкального фольклора, Т., 1959; Турсунов Н., Бухоро удумлари, Т., 1994.
Р. Чориев