АЛКАЛОИДЛАР

АЛКАЛОИДЛАР — ўсимликларда, камдан-кам ҳолларда ҳайвонот организмида учрайдиган ва асос хоссасига эга бўлган азотли органик бирикмалар. Шулар жумласидан морфинни биринчи марта (1806) немис аптекари Сертюрнер кўкнори шираси (афюн)дан ажратиб одди. Шундан кейин олимлар ўсимликлар танасида нейтрал ва кислота хоссасига эга бўлган кимёвий бирикмаларгина эмас, балки асос хоссасига эга бўлган моддалар ҳам мавжуд деган хулосага келдилар. 19-а. да стрихнин, хинин, кофеин, атропин, эфедрин ва б. ажратиб олинди. 20-а. нинг 60-й. ларда 1000 дан зиёд табиий ва сунъий йўл билан олинган Алкалоидлар маълум эди. Алкалоидлар ўсимликлар ҳаётини бошқариб турадиган фаол моддалардир. Аксарият Алкалоидлар рангсиз кристалл моддалар бўлиб, кимёвий табиатига кўра ҳалқасида азот атомлари бўлган гетероциклик бирикмалар ҳисобланади. Оддий Алкалоидлар таркибида 10 га яқин, мураккабларида 50 дан зиёд углерод атомлари булади. Алкалоидлар сульфат, хлорид, салицилат, оксалат ва б. кислоталар билан кристалл тузлар ҳосил қилади; бу жараёндан уларни тозалаш ва олишда фойдаланилади. Алкалоидларга ишқорий хосса берадиган элемент азотдир. Алкалоидлар соҳасида Ўзбекистон олимларидан акад. лар С. Ю. Юнусов ва О. С. Содиқовнинг ўз шогирдлари билан бу сохдда қилган ишлари анча салмоқлидир. С. Ю. Юнусов кашф этган қонуниятга кўра, Алкалоидлар эрта баҳорда ўсимликнинг ер усти қисмларига, куз фаслида бир йиллик ўсимликларнинг уруғига, кўп йиллик ўсимликларнинг эса пиёзи, илдизи ва уруғига миқдор жиҳатидан энг кўп йиғилади. 1943—93 й. ларда Ўзбекистон ФА Ўсимлик моддалари кимёси ин-тида С. Ю. Юнусов раҳбарлигида 29 оилага мансуб 266 ўсимлик тури ўрганилиб, улардан 913 алкалоид ажратиб олинди. Турли гуруҳларга кирувчи 518 янги алкалоиднинг тузилиши аниқланди. Цитизин, галантамин, ликорин каби препаратларнинг и. ч. технологияси кўрсатиб берилди, холинэстеразага қарши дезоксипеганин гидрохлорид препарати Тошкент кимё фармацевтика з-дида ишлаб чиқарила бошланди. Аритмияга қарши дитерпин алкалоиди асосида препаратлар олишнинг янги йўналишлари очилди. Бу препаратлардан аллапинин тиббиёт амалиётида қўллана бошлади. Тиббиёт-биология тадқиқотлари учун бир қатор биореактив препаратлар (бибикулин, аконитин, гелиотрин, империалин) олишга муваффақ бўлинди. Айни ваqnда яна бир янги йўналиш — заҳарли замбуруғлардан алкалоидлар ажратиб олиш устида тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Тиббиётда турли касалликларни даволашда юздан ортиқ Алкалоидлар (морфин, кодеин, кофеин, эфедрин, стрихнин, колхамин, атропин, кокаин, галантамин, цитизин ва қ. к.) қулланилмоқда. Алкалоидларнинг баъзилари (мас, анабазин ва никотин сульфат) қ. х. да инсектицид сифатида ишлатилади. Кашандалик ва бангиликнинг «сабабчиси» ҳам Алкалоидлар дир. Таркибида Алкалоидлар бўлган бегона ўсимликларнинг баъзилари (мас, кукмараз ва кампирчопон) ғалла экинлари орасида ўсади, дон бу ўсимликлар уруғидан тозаланмай истеъмол қилинса, одам ва ҳайвонлар оғир касалликларга чалиниши мумкин.

Ad:. Орехов Алкалоидлар, Химия алкалоидов, М., 1955; Итоги исследования алкалоидоносных растений, Т., 1993.