АЛИШЕР НАВОИЙ НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ

АЛИШЕР НАВОИЙ НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ — ЎзРнинг бадиий ижод соҳасидаги энг олий мукофоти. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 1989 й. 13 сент. да таъсис этилган. Ўзбекистоннинг маданий ҳаётида катта воқеа бўлган, миллий қадриятлар хазинасини бойитган адабиёт, санъат ва меъморлик соҳасидаги энг ёрқин ва сермазмун асарлар учун берилади. Бу мукофотга республикада ҳамда чет элларда эълон килинган, алоҳида китоб шаклида нашр қилинган, оммавий равишда ижро этилган, кўрсатилган ва намойиш қилинган ҳамда кенг жамоатчилик томонидан юқори баҳоланган бадиий асарлар, санъат намуналари тақдим этилади. Тақдим этилган ишлар вазирликлар, давлат қўмиталари, ижодий уюшмаларнинг республика миқёсидаги идоралари ва халқаро жамоат ташкилотларининг қарорлари асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат мукофотлари қўмитаси томонидан қабул қилинади. Тақдим этилган бир асар учун мукофот олишга талабгорлар сони 3 кишидан ошмаслиги керак. Мукофот Ўзбекистон адабиёти, санъати ва меъморчилиги билан боғлиқ бўлган энг яхши ишлар учун бошқа мамлакатларнинг маданият арбобларига ҳам берилиши мумкин. Мукофотларни 1996 й. дан, ЎзР Президентининг фармони б-н, ҳар 3 йилда бир марта Мустақиллик байрами арафасида бериш тартиби жорий қилинган. Мукофотнинг ҳар бири 200 та энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида белгиланган. Мукофотланганларга тантанали вазиятда совриндорлик ёрлиғи ва фахрий нишон топширилади. Мукофот совриндорининг нишони кўкракнинг ўнг томонига тақилади. Мукофот такроран берилмайди. 1991 й. да 9 киши, 1994 й. да 12 киши (1 киши хориждан) 1996 й. да 4 киши мукофотга сазовор бўлган.