АЛИМҚУЛ

АЛИМҚУЛ (тўлиқ исми Мулла Алимқул Ҳусайнбой ўғли) (1831/32— 1865) — Қўқон хонлигининг муваққат хони (регенти), мингбошиси, амири лашкари (1863—65). Маллахон ҳукмронлиги даври (1858—62)да Алимқул хонликни идора этишда фаол қатнашиб, эшик оғабоши ва вазир даражасига кўтарилди, Маллахоннинг энг ишончли ва яқин кишиларидан бири бўлиб қолди. Бу даврда Алимқул қипчокларнинг хонликдаги сиёсий мавқеини тиклашга ва мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Маллахон ўлдирилгач (1862), унинг ўрнига Саримсоқхоннинг 17 ёшли ўғли Шоҳмурод хон деб эълон қилинди. У тахтга ўтиргач, отасининг қотилларини топиб ўлдиртира бошлади. Қотилликда қўли бор Тошкент ҳокими Қаноатнинг буйруғи билан Шоҳмуродни ўғирлаб кетадилар. Сўнг Қаноат Худоёрхонни хон деб эълон қилади. Алимқул эса тахтга унинг биродари Султон Муродни ўтқазмоқчи бўлиб, Худоёрхонга қарши кураш бошлайди. Ниҳоят, 1863 й. 9 июлда А. Маллахоннинг ўғли Султон Саййидхонни Қўқон хони деб эълон қилади. Худоёрхон Бухорога кетишга мажбур бўлади. Бунинг эвазига Алимқул «Амири лашкар» унвонига сазовор бўлди. Шундай бўлсада, Алимқул амалда хонликни ўзи идора қила бошлади. Подшо Россияси қўшинлари Қўқон хонлиги тасарруфидаги Тошкент ва бўлак шаҳарларга тахдид қила бошлагач, Алимқул ва Султон Саййидхон қўшин билан Тошкентга келишди (1864 й. 25 нояб.). А. 10 минг кишилик қўшин билан Арис дарёси бўйларига чиқиб, Туркистон ва Чимкент оралиғидаги рус қўшинлари эгаллаган қўрғонларни қайтариб олишга ҳаракат қилди. Туркистон ш. яқинидаги Иқон қишлоғида русларнинг қўшинини енгиб Тошкентга қайтди (яна қ. Иқон жанги). 1864 й. дек. охирида Алимқул ва Султон Саййидхон Тошкентни тарк этиб, Қўқонга келишди. Черняев бошлиқ рус қўшинлари Тошкентга яқинлашганлиги ҳақида хабар топгач, улар қўшин билан Қўқондан чиқиб, 1865 й. 7 майда эрталаб Тошкентга етиб келишди. Алимқул ва хон қароргоҳи Афросиёб тепалигида жойлашди. Шу куни Мингўрик мавзесида шаҳар ҳимоячилари иштирокида катта машварат ўтказилиб, ғазавот эълон қилинди. Қашқар ҳокими Валихон тўранинг қашқарликлар ҳам бу ғазавотга қўшилажаклари ҳақидаги мактубини Алимқул шаҳар ҳимоячиларига шахсан ўзи ўқиб эшиттирди. Сўнг, Салор канали билан Дархон ариғи оралиғи (ҳоз. Пушкин кўчаси) да Алимқул қўшинлари ва шаҳар ҳимоячилари б-н рус қўшинлари ўртасида қаттиқ жанг бўлди. Рус қўшинлари енгилиб, Шўртепага чекинди. 1865 й. 9 майда Алимқул қўмондонлигидаги қўқонлик аскарлар ва шаҳар ҳимоячилари Шўртепадаги рус қўшинларига қарши ҳужумга ўтди. Ниҳоятда қаттиқ жанг бўлиб, Алимқул оғир яраланди ва ўша куни вафот этди. 1865 й. 10 майда у Тошкентдаги Шайхонтоҳур қабристонига дафн этилди.

Ҳайдарбек Бобобеков.