АЛИМОВ Иброҳим Абдуғаффорович (1935.5.4, Андижон) — тарихчи, архившунос олим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1982). Тарих фанлари д-ри (1982), проф. (1989). Москва давлат тарих-архив ин-тини тугатган (1958). Ўзбекистон Республикаси Архив бошқармаси ҳужжатлардан фойдаланиш ва эълон қилиш бўлимининг мудири (1959—64). Ўзбекистон Марказий давлат архиви директори (1965 — 73). Ўзбекистон ФА Тарих ин-тида бўлим мудири (1989—95). Андижон давлат ун-ти проф. (1996 й. дан). Илмий ишлари асосан Ўзбекистонда аграр масала муаммолари, Ўзбекистонда архив ишлари назарияси ва амалиёти, архившуносликка бағишланган.