АЛИМАТОВ

АЛИМАТОВ Турғун (1922.20.1, ҳоз. Тошкент вилояти Келес қишлоғи) — созанда (дутор, танбур, сато). Ўзбекистон халқ артисти (1992). Тошкент пед. ин-ти ишчи ф-ти тўгарагида (1937—40) танбур, ғижжак (скрипка) чалишни ўрганган. Кейинчалик халқ ва профессионал ижро услубларини Шобарат танбурчи, Наби танбурчи, Мулла Тўйчи ҳофиз, Ю. Ражабийлардан ўзлаштирган. 2-жаҳон уруши қатнашчиси (1942—43). Ёш томошабинлар театри (1940—42), Муқимий театри (1943 — 46) да ғижжакчи, Ўзбекистон радиоси халқ чолғулари оркестри (1947— 52, 1957—59), Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли (1959—85)да созанда.

Турли мусиқа тўгаракларига раҳбарлик қилган. 1985 й. дан Тошкент давлат консерваторияси анъанавий ижрочилик кафедрасида ўқитувчи, проф. (1994 й. дан). Алиматов дутор, танбур ва сато ижрочилигини мукаммал ўрганиб, ўзига хос ижро услубини яратди. Бадиҳагўйлик, соз пардаларини ўта мунгли ва дардли янгратиш, торларни нозиқ нолалантириб чалиш А. ижрочилик услубига хос. Репертуарида халқ куйлари, мақом ва машҳур ашулаларнинг чолғу йўллари («Дутор Навоси», «Танавор I—II», «Танбур Навоси», «Чоргоҳ», «Муножот», «Нола», «Наво», «Наврўзи Ажам», «Эшвой», «Бузрук», «Эй, сабо», «Куйгай» ва б.) катта ўрин олган. Овоз режиссёри Н. Ҳасанов ёрдамида якка созлар (дутортанбур, дутор-сато, танбур-сато-дутор ва б.)да ўзига хос якканавоз «ансамбль» тарзида ижро этган чолғу куйлари 10 дан ортиқ грампластинкаларда чиқарилган. Халқаро мусиқа анжуманлари (Москва, 1971; Олмаота, 1973; Самарқанд, 1978, 1983, 1987 ва б.)нинг концертлари қатнашчиси. Чет эллар (АҚШ, Франция, Германия)да гастролларда бўлган. «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (1997).

Ад: Олимбоева К., Турғун Алиматов [«Ўзбек аёли ҳаётида мусиқа» китобида], Т., 1996.