АЛИ ШАТРАНЖИЙ САМАРҚАНДИЙ

АЛИ ШАТРАНЖИЙ САМАРҚАНДИЙ (14-а. нинг 2-ярми; асл номи Али Табризий) — шатранж устаси. Жаҳон шахмат адабиётига катта ҳисса қўшган. Амир Темур даврида унга тенг келадиган шахматчи бўлмаган. Шатранж тўғрисида ёзиб қолдирган рисоласида 60 та мансуба тўплаган, шулардан 19 тасини ўзи тузган. Али Шатранжий Самарқандий рисоласидаги «Шатранжи кабир» тафсилоти Абулфатҳ Аҳмад Сижзий китобидаги баённинг ўзганасидир. «Шатранжи кабир»нинг айни шу кўриниши Темурнинг севган ўйини бўлган. Табризда, кейинчалик Эрон, Озарбайжонда яшаган хожа Али Табризийни Хондамир ўша даврда шуҳрат топган шахматчи сифатида таърифлайди. Али Шатранжий Самарқандий Амир Темур уюштирган шахмат мажлисларининг доимий иштирокчиси бўлган. Бир вақтда 4 киши билан 4 та тахтада ғойибона ўйнай олган. Хожа Али Табризий Амир Темурнинг фармони билан уста шатранжчи сифатида Самарқандга олиб келингач, А Ш. С. номи билан шуҳрат топган.

Ад:. Муҳиддинов М., Соҳибқирон дона сурганда, Т., 1996.