АЛИ АРДОБУС

АЛИ АРДОБУС (Иброҳимов Али Файзуллахўжаевич) (1900.15.1, Қизилўрда — 1959.9.11, Тошкент) — раққос ва балетмейстер, актёр, педагог. Ўзбекистонда (1944) ва Қорақалпоғистонда (1943) хизмат кўрсатган артист. Қизилўрда ритмик гимнастика студиясини (1917), Халқ Маорифи Комиссарлиги қошидаги Тошкент театр студиясининг хореография бўлимини (1921) тугатган. Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Маҳкам ҳофиз, Ориф гармон Тошматов, Червонхон, Ўктамхон, Қумрихон кабилардан ўзбек рақс ҳаракатларини ўрганди. 1918 й. нинг сент. дан Тошкентдаги Маннон Уйғур раҳбарлигидаги театрда ишлай бошлайди. Али ардобус кўпроқ балет ва рақс билан шуғулланди. 20-й. ларда «Латифа», «Яллама ёрим», «Қашқарча», «Уфори Тошкент», «Гул ўйин», «Занг ўйин», «Қайроқ ўйин», «Доира ўйин», «Афғонча» каби халқ рақсларини ўзлаштириб, уларнинг саҳна ту-рини яратди. Али ардобус Душанба мусиқа-театр студиясини (1929—30), «Тоғ бургутлари» рақс студияси ва этнографик ансамблини (1930—33), Олмаота рақс студиясини (1934), Уйғур мусиқали драма театрини (1935), Ўзбек филармониясининг ашула ва рақс ансамблини (1937—41) ташкил этишда фаол қатнашди. 1943—45 й. ларда Қорақалпоғистонда рақс студиялари ва ансамбллар ташкил қилиб, миллий халқ ўйинлари асосида биринчи қорақалпоқ саҳ-на рақсларини яратган. Ўзбекистонда театр ва рақс ҳаваскорлигини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган. Тошкент, Самарқанд, Андижон, Наманган ва б. шаҳарларда ҳаваскорлар тўгараги ташкил қилган. Саҳналаштирган энг яхши рақслари: «Ноғора», «Рақс» «Баёт» каби якка, «Уйғурча», «Қорақалпоқча», «Самарқандча тўй» (сюита), «Ургут бешқарсаги» ва б. оммавий рақслар.