АЛИ ар-РИЗО

АЛИ ар-РИЗО, Али ибн Мусо (765 ёки 770—818) — шиаларнинг саккизинчи имоми. Мадинада яшаган. 816 й. да халифа ал-Маъмун мўътадил шиалар б-н иттифоқлашиш ва улар ёрдамида ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида Али ар-Ризони тахт вориси деб эълон қилган. Лекин бу иттифоқ узоққа чўзилмаган. Суннийлар бунга қарши ҳаракат бошлаган. Халифа шиалар билан муносабатини узгандан кейин Али ар-Ризо Хуросонда Тус ш. яқинидаги Нукан қишлоғида заҳарлаб ўлдирилган ва Санобад қишлоғига дафн қилинган, кейинчалик унинг қабрига мақбара барпо этилган ва шиалар учун зиёратгоҳ, асосий муқаддас жойлардан бирига айланган. Қабр жойлашган қишлоққа Али ар-Ризо шарафига Машҳади Али Ризо номи қўйилиб (Али ар-Ризо шаҳид бўлган жой), у йирик шаҳар (ҳоз. Машҳад)га айланган.