АЛГОНКИНЛАР

АЛГОНКИНЛАР — Шим. Америкадаги индейс халқлари гуруҳи (ожибве, могикан, делавар, кри, монтанье, наскап, чейен ва б.). 260 минг киши. Булардан 100 минг киши Канадада ва 160 минг киши АҚШда (1992) махсус ажратилган жойларда яшайдилар, алгонкин тилида гаплашадилар. Алгонкинлар монголоид ирқига мансуб. Алгонкинларнинг кўп қисми мустамлакачилар томонидан қириб ташланган. Канадада яшовчи Алгонкинлар, асосан, мўйнали ҳайвонларни овлайдилар. АҚШда яшовчилари деҳқончилик билан шуғулланади. Диндорлари католиклар.