АЛГОЛ

АЛГОЛ (инг. — Algorithmic language — алгоритмик тил) — бир қанча программалаш (дастурлар тузиш) тилларининг қисқартирилган номи; ЭҲМда илмийтехник масалаларни ҳал қилиш учун программа (дастур) тузишда қўлланилади. Алгол инсон тили билан машина тили ўртасида воситачидир. 1958—60 й. ларда ишлаб чиқилган (А-58, А-60), 1964-68 й. ларда такомиллаштирилган (А-68). Асосий белгилари — ўнли рақамлар, лотинча кичик ва бош ҳарфлар, тиниш белгилари, арифметик ва мантиқий амаллар белгилари, бошқа махсус белгилар, инглиз сўзлари. Алголни машина тилига ўтказиш учун махсус транслятор тузилади.