АЛЕЗИЯ

АЛЕЗИЯ — қад. галлар шаҳарқалъаси (ҳоз. Дижон яқинида, Франция). Мил. ав. 52 й. да галлар қўзғолони пайтида Ю. Цезарь қамал қилган. Галлар Верцингеториг раҳбарлигида Алезияни мардона ҳимоя қилганлар, аммо римликларнинг ҳарбий кучи, техникасининг устунлиги туфайли, шунингдек озиқ-овқат етишмовчилиги натижасида таслим бўлганлар. Шу билан Галлияни забт этиш якунланган. Археологик қазишмалар (1860 й. дан) натижасида Цезарь бунёд этган қамал иншоотлари ва хандақлар очилган. Жанг майдонидан Рим ва галлар қурол-яроғлари, тангалар (мил. ав. 52 й.) топилган. Шаҳар Рим даврида ҳам мавжуд бўлган: Рим театри, ибодатхона ва б. очилган. Ўрта асрларда шаҳар ҳувиллаб, бўшаб қолган. Ҳозир Алезия ўрнида Ализ ш. харобаси ва Ализ-Сент-Рен қишлоғи жойлашган.