АЛЕЙКСАНДРЕ

АЛЕЙКСАНДРЕ (Aleixandre) Висенте — (1898.26.4, Севилья – 1984) — испан шоири, Испания қироллик академияси акад. Асарларини 1928 й. дан эълон қила бошлаган. Илк шеърий тўпламларига кирган асарларида сюрреализм ғояси кучли. Испан халқининг миллий — инқилобий уруши даври (1936 — 39)да фашизмга қарши рухда шеърлар ёзди. «Жаннат кўланкаси» (1944), «Сўнгги туғилиш» (1953), «Қалб тарихи» (1954), «Ботиний диалог» (1974) тўпламлари инсонпарварликни тараннум этувчи фалсафий лирикадан иборат. «Учрашувлар» (1954) номли хотиралар китобида ўзига замондош ёзувчилар портретини берган. Нобель мукофоти лауреати (1977).