АЛЕКСАНДР I

АЛЕКСАНДР I (1777.12.12, Петербург – 1825.19.11, Таганрог) — Россия императори (1801—25). Отаси император Павел I саройдаги фитна оқибатида ўлдирилгач (1801), тахтга ўтиради. Александр I Вена конгресси ва «Муқаддас иттифоқ» (1815)нинг ташкилотчиларидан бири. У ички сиёсатда мўътадил либерал ислоҳотларни амалга оширган [министрликлар ва министрлар кабинети таъсис этган (1802), Петербургда педагогика ин-ти очтирган (1804) ва б. ] бўлсада, шу билан бирга ҳарбий қишлоқлар ташкил этади, деҳқон ва солдатлар қўзғолонини шафқатсизлик билан бостиради. 1810-й. лар ўртасидан тарихга аракчеевчилик номи билан кирган ўта реакцион ички сиёсат юрита бошлаган. Александр I даврида Грузия (1801), Финляндия (1809), Бессарабия (1812), Озарбайжон (1813) ерлари; собиқ Варшава герцоглиги (1815) Россия томонидан босиб олинади.