АЛЬБЕРТИ

АЛЬБЕРТИ (Alberti) Леон Баттиста (1404.18.11, Генуя – 1472.25.4, Рим) — итальян олими, меъмор, ёзувчи ва мусиқашунос. Уйғониш даврида яшаб ижод этган. Падуя ва Болоньяда таълим олган. Рим ва Флоренцияда яшаб ижод этган. Итальян тилида «Ҳайкал ҳақида», «Рассомлик ҳақида», лотин тилида «Меъморлик ҳақида» чоп этилган назарий рисолаларида илғор илм ютуқларини замонавий санъат билан бойитиб, умумлаштирган, «Оила ҳақида»ги ахлоқий рисоласида ҳар томонлама ривожланган баркамол шахсни талқин қилган. Меъморликда қад. бадиий меросдан фойдаланиб, бино бош тарзини юнон меъморлигига хос услубда равоклари кенг, серҳашам, янги шаклларини яратган: Флоренциядаги Ручеллаи паллаццо саройи, 1446 — 51; Санта-Мария Новелла, 1456—70; Риминидаги Сан-Франческо, 1447 — 68; Мантуядаги Сант-Андреа (1472 — 94) черковлари ва б.