АЛБАНИЯ

АЛБАНИЯ, Албания Республикаси (Republika e Shgiperise) — Болқон я. о. нинг жан.-ғарбидаги давлат. Адриатика ва Иони денгизлари соҳилида жойлашган. Маъ-мурий жиҳатдан 36 ретага бўлинган. Пойтахти алоҳида маъмурий бирлик қилиб ажратилган. Майд. 28,7 минг км2. Аҳолиси 3,5 млн. кишига яқин (1999). Пойтахти Тирана ш.

Давлат тузуми. Албания — парламентли республика. Амалдаги конституцияси 1998 й. қабул қилинган. Давлат ҳокимиятининг олий органи — бир палатали Халқ мажлиси (155 депутат), уни барча фуқаролар 4 й. муддатга сайлайди. Давлат бошлиғи — президент. А. Олий ижроия органи — ҳукумат бошлиғи бошчилигидаги Вазирлар Кенгаши (ҳукумат). Давлат ҳокимиятининг маҳаллий органлари — тегишли халқ кенгашлари.

Табиати. Адриатика денгизининг соҳили асосан пасттекислик, жан. тоғлардан иборат. Албания ҳудудининг салкам 70% ни бал. 2692 м гача бўлган Шим. Албан Альплари (Проклетие) ва Жан. Альплар эгаллайди. Улар ўртасидаги марказий воҳа дарё водийларига бўлинади. Соҳили паст-баланд денгиз бўйи текислигидан иборат. Хромит, нефть, битум, темир-никель ва мис руда конлари бор. Иқлими — Ўрта денгизга хос субтропик; июлнинг ўртача т-раси 24», 25°, янв. ники 8°, 9°. Иилига 1000 мм ёғин ёғади. Сой ва дарёлари тоғли, уларда кема қатнамайди. Энг катта дарёлари — Дрин, Семани, Шкумбини. Скадар, Охрид, Преспа кўлларининг бир қисми Албания ҳудудида жойлашган. Текисликда жигарранг, тоғларда қўнғир тоғ-ўрмон тупроқлари. Ер майдонининг 38% дан кўпроғи ўрмон билан қопланган (дуб, бук, каштан ва б. хил дарахтлар). Соҳилда Ўрта денгизга хос ўсимликлар доимо кўкариб туради. Албанияда 4 миллий боғ бор.

Аҳолиси. Асосий аҳоли — албанлар (салкам 98%). Греклар, валахлар ва б. лар ҳам яшайди. Расмий тили — албан тили. Аҳолининг ўртача зичлиги — 1 км2 га 87 киши. Аҳолининг 35% шаҳарларда истиқомат қилади. Энг йирик шаҳарлари — Тирана, Дуррес, Шкодер, Влёра, Эльбасан.

Тарихи. Албаниянинг энг қад. аҳолиси пеласглар (янги тош даври), иллирийлар (мил. ав. 2-минг йилликдан бошлаб) булган. Мил. ав. 2-а. да ҳоз. Албания ҳудудини Рим босиб олган. 395 й. дан 1347 й. гача у Византия таркибига кирган, кейинчалик унинг айрим қисмлари болгар ва серб заминдорлари қўл остида бўлган. 1389 й. дан Албанияни Усмонлилар империяси забт эта бошлади. 15-а. ўрталарида Скандербег бошчилигида бошланган умумхалқ қўзғолони натижасида деярли бутун Албания озод қилинди, бирок 1479 й. да уни яна турклар босиб олди. 1912 й. баҳорида Усмонлилар ҳукмронлигини бартараф этиш учун халқ қўзғолони бошланди. Ўша йили 28 нояб. куни Влёрада аҳоли турли табақа вакилларининг қурултойи Албанияни муста-қил давлат деб эълон қилди. Муваққат ҳукуматга И. Камолбей бошчилик қилди. Аслида эса Албания бошқа давлатларга қарам бўлиб қолди. 1924 й. июнидаги халқ қўзғолони Аҳмад Зогу тўдасини ағдариб ташлади. Аммо 1924 й. дек. да у ажнабий империалистлар ёрдамида яна қокимиятни эгаллаб, ўзини аввалига республика президенти, 1928 й. эса қирол деб эълон қилди. Унинг даврида Албания амадда Италия мустамлакасига айланди. 1939 й. да фашистлар Италияси, 1943—44 йларда эса немис фашистлари Албанияни босиб олди. Албания 1944 й. 28 нояб. да фашист босқинчиларидан озод этидди. 1946 й. 11 янв. да халқ республикаси деб тьлон қилинди. 1976 й. 28 дек. дан 1991 й. майгача — Албания Халқ Социалистик Республикаси деб аталиб келди. 1991 й. майдан А. Республикаси. Албания 1955 й. дан — БМТ аъзоси. Албания ва ЎзР ўртасида дипломатия муносабатлари 1993 й. да ўрнатилган. Миллий байрами — 28 нояб. — Байроқ куни (1912).

Сиёсий партия ва бнрлашмалари, касаба уюшмалари. А. социалистик партияси, 1941 й. да тузилган, 1948 й. гача А. Компартияси, 1991 й. гача Албания меҳнат партияси деб аталган. Ҳоз. номи 1991 й. 12 июнда қабул қилинган; А. демократик партияси, 1990 й. тузилган; А. аграр партияси, 1991 й. да тузилган; А. республикачилар партияси, 1991 й. да тузилган; А. социал-демократик партияси, 1991 й. да тузилган; Инсон ҳуқуқлари учун иттифоқ, 1992 й. тузилган; А. касаба уюшмалари конфедерацияси, 1990 й. да тузилган; А. мустақил касаба уюшмалари бирлашмаси, 1991 й. да тузилган.

Хўжалиги. Албания мустақил бўлгач, хўжалик соҳасида муайян муваффақиятларга эришди. У аграр-индустриал мамлакатга айланди. Албания миллий даромадининг 46% саноатда, 33% қ. х. да ҳосил қилинади.

Саноати. Озиқ-овқат, енгил саноат, кончилик ва ёғочсозлик тармоқларининг салмоғи катга. Энергетика нефть ва гидроэнергия негизига қурилган. Йилига 4 млрд. кВт-с дан ортиқ электр энергия ишлаб чиқарилади. Нефть, хром (1 й. да 1 млн. т — Ғарбий Европада l-ўрин), темир-никель ва мис рудалари, битум қазиб олинади. Озиқ-овқат саноатида қандшакар, ёғ-мой, балиқ ва мева-консерва, виночилик, тамаки тармоқлари, енгил саноатда — асосан тўқимачилик тармоғи мавжуд. Киме, металлсозлик, машинасозлик, ёғочсозлик саноатининг айрим корхоналари ишлаб турибди. Асосий саноат марказлари: Тирана, Эльбасан, Фиери, Корча, Шкодер.

Қишлоқ хўжалиги. Асосий тармоғи — деҳқончилик. Экинзорлари 560 минг га дан ортиқ (мамлақат ҳудудининг деярли 20%). 230 минг га га яқини суғорилади. Маккажўхори ва буғдой озиқ-овқат соҳасида катта аҳамиятга эга. Картошка, сабзавот ҳам етиштирилади. Пахта, тамаки, қанд лавлаги асосий техника экинларидир. Токчилик, зайтун ва цитрус ўсимликлари ўстириш ривожланган. Чорвачилиқда қўйчилик ва эчкичилик устун.

Транспорти. Транспортнингасосий тури — автомобиль транспорти (юк айланмаси ҳажмининг салкам 65% ни ташкил этади). Дуррес — Тирана, Дуррес — Эльбасан ва б. йўналишдаги т. й. лар мавжуд. Денгиз портлари: Дуррес, Влёра. Халқаро аэропорти — Тирана (Ринас).

Ташқи савдоси. Четга асосан, хромитлар, темир-никель, мис рудалари, нефть, битум, ёғоч-тахта, чарм, зайтун ёғи, тамаки, цитрус, сабзавот ва мевалар чиқарилади. Албания четдан машина, асбоб-ускуна, прокат, транспорт воситалари, дори-дармон, кимё саноати маҳсулотлари, кенг истеъмол моллари келтиради. Асосий ташқи савдо мижозлари: Италия, Греция, Туркия, Германия. Пул бирлиги — лек.

Тиббий хизмати. Албанияда 10 мингдан ортиқўринли касалхоналар мавжуд. 735 беморга 1 шифокор тўғри келади. Шифокорларни Тирана ун-тининг тиббиёт ф-ти етиштиради. Лиджада курортлар бор.

Халқ таълими, илмий ва маданиймаърифий муассасалари. Халқ таълими тизими 1969 й. да жорий этилган бўлиб, у мактабгача муассасалар, 8 й. лик умумий мажбурий, 4 й. лик ўрта (ҳунар ёки умумий) ва 3—4 й. лик олий ўқув юртларидан иборат. Албанияда 3 ун-т бор. Фанлар академияси 1973 й. ташкил этилган. Миллий кутубхона ва ун-т кутубхонаси, археология, этн. музейи ва б. бор.

Матбуоти, радиоэшиттириши, телекўрсатуви. Албанияда «Зери и популлит» («Халқ овози», 1942 й. дан) «Месуеси» («Муаллим», 1961 й. дан), «Башкими комбетар» («Миллий бирлик», 1943 й. дан), «Комби» («Миллат», 1991 й. дан), «Дрита» («Hyp», 1960 й. дан), «Коха Ионе» («Вақтимиз», 1991 й. дан) ва б. газ. лар нашр этилади. Албания телеграф агентлиги 1944 й. ташкил этилган. «Албания радиоэшиттириши ва телекўрсатуви» давлат ташкилоти мавжуд. Радио-эшиттириш — 1944 й. дан, телекўрсатув — 1961 й. дан ишлайди.

Адабиёти. Албанияда бой халқ ижодиёти — қаҳрамонлик достонлари, тарихий қўшиқлар мавжуд. Албан тилида ҳозиргача сақланиб қолган дастлабки ёзма манба — епископ Паль Энгеланинг «Чўқинтириш таомили» (1462)дир. 16 — 17-а. ларда адиблар П. Буди, Ф. Барде, П. Богдани, М. Бархети ижод қилдилар. 18-а. да Т. Кавальоти ва Данель албан тили луғатини туздилар. 19-а. да бир неча атоқли ватанпарвар ёзувчилар, миллий уйғониш арбоблари майдонга чиқди. Адабиётда романтизм оқими ҳукмрон бўлиб қолди. Шу даврнинг энг таниқли намояндалари — шоирлардан И. Де Рада («Милосао қўшиғи», «Шўрпешона Скандербег» достонлари), Кенжа Г. Дара («Баланинг сўнгги қўшиғи» достони). 3. Серембе («Тақдир» достони), В. Шкодрани («О, менинг Албаниям» достони), адиб ва таржимон К. Кристофориди. Адабиётда новелла, тарихий роман, драма пайдо бўла бошлади. Янги адабиётнинг асосчиларидан бири Н. Фрашерининг «Пода ва дала» (1886), «Скандербег тарихи» (1898) ва б. достонлари юзага келди. 20-а. бошларидаги шоирлар — А. Чаюпи («Томори ота» тўплами, 1902; «Ўн тўрт ёшли куёв» комедияси, 1902), Н. Мьеда («Қувғин», «Булбул ноласи» достонлари), Ф. Широка, Р. Силичи халқни бирликка чақиради. Ватанпарварлик руҳидаги қўшиқ ва новеллалар муаллифи М. Грамено албан бадиий прозасининг асосчиларидан бири бўлди. Албания адабиётининг таниқли вакили Фан Ноли ўз шеърларида фуқарога ҳурмат ва муҳаббат туйғуларини улуғлади («Салип Султон қўшиғи», «Қувғин қурбони», «Драгобий ғори», «Югур марафончи» ва б.). 20-а. нинг 30-й. ларида ижтимоий мавзу қаламга олина бошлади. 2-жаҳон уруши даврида ва Албания озодликка чиққанидан сўнг адабиётда итальян-немис фашистларига қарши кураш мавзуидаги асарлар яратилди (Ф. Гьятанинг «Партизан Банко ҳақида қўшиқ» достони, Д. Шутеричининг «Ҳалоскорлар» романи, 1952— 55). Тур-мушни ижтимоий жиҳатдан ўзгартиришга бағишланган романлар (С. Спассенинг «Улар ёлғиз эмас эди», 1952; Ф. Гьятанинг «Ботқоқ», 1959 ва б.) пайдо бўлди. 50—60-й. ларда автобиографик ва тарихий қисса ҳамда романлар (Д. Шутеричи, В. Кокона, Я. Дзодза асарлари) яратилди.

Меъморлиги. Антик давр (мил. ав. 7-а.)дан Албания ҳудудида мудофаа иншоотлари, жамоат ва уй-жой бинолари, меъморий безакларнинг қолдиқлари, ўрта асрлардан Византия иншоотлари (13 — 14-а. ларга мансуб бўлган Лявдари, Мборья қишлоқларидаги черковлар) ва романтик услубдаги иморатлар (Шаси қишлоғидаги собор, Вау-и-Дейес, Оботи қишлоқларидаги черковлар, 13-а.), шунингдек, истеҳкомва қасрлар сақланиб қолган. Саройлар, тимлар, мачитлар ҳам мавжуд. А. Халқ меъморлигига хос хусусиятлар — тоғлардаги мустаҳкам минорасимон уйлар, икки-уч қаватли, олди пешайвонли, ясси черепица томли уйлар. Албания шаҳарларида ўрта асрлар ва 20-а. бошларидаги иншоотлар билан ёнма-ён замонавий иморатлар кўзга ташланади.

Тасвирий санъати Ўрта асрларда рассомлик ва ҳайкалтарошлик бирмунча ривож топтан (Лявдаридаги Троица черкови деворларига ишланган суратлар). 16-а. нинг 50-й. ларида Шельтсан ва Бальш черковларида неокастрлик уста Онуфрий суратлар чизган. 19-а. охири — 20-а. бошларида дунёвий ранг-тасвир (рассомлардан Н. Мартини, К. Хидромено) пайдо бўлди. Кейинги й. ларда мусаввирлик, графика, ҳайкал-тарошликнинг турли жанрлари ривожланди. Албанияда халқ амалий санъати (гиламдўзлик, тикувчилик, тўқувчилик, ўймакорлик, заргарлик) қадим замонлардан маълум.

Мусиқаси. Албан халқ мусиқасида хилма-хил маҳаллий услублар, табиий беш пардали (пентатоник) куйлар, озарбайжон мусиқасида учрайдиган оҳанглар бор. Ўзбек мусиқасидаги каби вазни ўзгариб турадиган қўшиқ ва рақс куйлари тараққий топган. Аксари 3 овозли қўшиқлар камонли чолғулар жўрлигида айтилади. 20-а. 50-й. ларидан профессионал мусиқа санъати: опера (П. Якованинг «Мрика», 1954, «Скандербег», 1968), балет (Т. Дайянинг «Халил ва Хайрия», 1963), оперетта, симфония, камер, чолгу, хор мусиқаси ривожланди. Тиранада давлат опера ва балет театри бор.

Театри. 1874 й. да Тесторати бошчилигидаги театр тўгараги дастлабки саҳна асарини қўйди. 19-а. 2-ярмида С. Фрашери, М. Грамено, Ф. Ноли, А. Чаюпи пьесаларини ҳаваскор театр труп-палари саҳналаштирди. 1944 й. Тиранада профессионал халқ театри, кейинроқ Корча ва Дурресда театрлар барпо этилди. А. Моисеи номидаги олий актёрлик билим юрти очилган (1959).

Киноси. Албания кинематографияси 2-жаҳон урушидан сўнг ривожлана бошлади. 1952 й. да ташкил этилган «Янги Албания» киностудияси ҳужжатли фильмлар ва киножур. лар чиқаради. Биринчи рангли бадиий фильм — «Албаниянинг буюк фарзанди Скандербег» (1954). Кейинчалик «Тана», «Ер аланга ичра» ва б. бадиий фильмлар яратилди.