АЛАНГА ФОТОМЕТРИЯСИ

АЛАНГА ФОТОМЕТРИЯСИ — эмиссион спектрал анализ турларидан бири. Асосан эритмалардаги кўпгина металлар ва нодир ер элементлари атомлари миқдорини уларнинг аланга спектрал чизиқлари ёки йўлларига қараб аниқлашда қўлланилади. Ёритгич газ, водород, ацетилен ёки дициан алангаси спектрларнинг пайдо бўлиш манбаи ҳисобланади. Водород-кислород алангаси кўпроқ тарқалган бўлиб, унга юқори т-ра (2900°К), кам нурланиш ва чала ёнганда алангада қаттиқ зарралар бўлмаслиги хос.

Нурланишни қабул қилувчи сифатида фотоэлемент ёки фотоэлектрон кўпайтиргичдан, қайд қилувчи сифатида эса гальванометр ёки ўзи ёзар асбобдан фойдаланилади. Қайд қилишда олинган ёзув нурланиш интенсивлиги тўлқин узунлигига боғлиқлигини билдиради. Текширилаётган элемент спектрал чизиқларининг интенсивлиги шу элемент концентрациясининг меъёри ҳисобланади. Аланга фотометрияси ишқорий элементлар бўйича 0,01 мкг/мл, ишқорий ер элементлари бўйича 0,1 мкг/мл сезгирликка эга бўлган тезкор усул ҳисобланади.