АЛАЛИЯ

АЛАЛИЯ (юн. а — инкор қўшимчаси ва lalia — нутқ) — бош мия катта ярим шарлари пўстлоғидаги нутқ зоналарининг чала ривожланиши ёки зарарланиши сабабли болаларнинг тилга кирмаслиги ёки тузук сўзлай олмаслиги. Бола бошининг она қорнидалигида ёки туғилиш чоғида жароҳатланиши, шунингдек гўдаклик даврида оғир касалликлар билан оғриши ва б. А. га сабаб бўлади. Алалияда бола нутқи узоқ вақт ривожланмайди: 5—7 ёшгача, баъзан 10—12 ёшгача боланинг тили чиқмайди. Алалиянинг мотор ва сенсор хиллари бор. Сенсор Алалия камдан-кам, мотор Алалия эса хийла кўп учрайди. Мотор Алалияда бола кам ва нотўғри гапиради, унга қаратилган нутқни тушунади. Айрим товушларни талаффуз қилгани билан товуш бирикмаларини ўзлаштира олмайди, бутун сўз ўрнига унинг бир қисмини айтади (мас, мушукни «му» дейди) ва ҳ. к. Сенсор Алалияда бола атрофдагиларнинг нутқини ёмон тушунади ёки мут-лақо тушунмайди. Бунда бола нутқининг ниҳоятда бузилиши улғайган сари руҳий тараққиётда ҳам ўз тенгдошларидан ортда қолишига сабаб бўлади. Алалияга йўлиққан болалар махсус мактабларда алоҳида усул билан ўқитилади. Натижада, гарчи узоқ вақт давомида бўлса ҳам, уларнинг кўплари (мотор Алалияга йўлиққанлари) нутқи тузалиб, одатдаги мактабларнинг ўқув дастурини ўтадилар.