АЛ-ИСТИҚСОТ — ўрта аср Яқин ва Ўрта Шарқ фалсафасидаги тушунча. Моддий унсурлар — сув, ер, ҳаво ва оловни билдиради. Ўрта аср Шарқ фалсафасида, хусусан, Форобий, Ибн Сино, Беруний, Ибн Рушд, Умар Хайём ва б. таълимотларида барча моддий нарсалар — материя 6 гуруҳга бўлинган:
1) осмон жисмлари;
2) ақлли махлуқот;
3) ақлсиз махлуқот;
4) ўсимликлар;
5) маъданлар; 6) тўрт унсур, яъни ҳаво, сув, ер, олов. Тўрт унсур материя турларининг энг содда ва бошланғичи бўлиб, моддийликнинг асосини ташкил этади. Моддий нарсаларнинг қолган 5 гуруҳи эса бошланғич 4 унсўрнинг турли хил қўшилувидан вужудга келади. Жисмлар ўзгариши, бўлиниши, ажралиши, йўқ бўлиб кетиши, янгидан вужудга келиши мумкин, лекин бошланғич 4 унсур йўқ бўлмайди. Бу таълимот ўрта аср маънавий ҳаётида муҳим роль ўйнаган.