АКВАЛАНГ

АКВАЛАНГ (лот. aqua — сув ва инг. lung — ўпка) — одамнинг сув остида бемалол нафас олиб сузишига ҳамда ишлашига имкон берувчи аппарат. Француз спортчиси Ж. И. Кусто ва муҳандиси Э. Ганьян ихтиро қилган (1943). Аквалангдан фойдаланувчи киши уни орқасига тасма б-н осиб олади. Аквалангда оғизга тутиладиган мослама, «дарча»ли маска ёки гидрокомбинезон, сузгич, қўлга тақиладиган чуқурлик ўлчагич, компас ва соат ҳам бўлади. Аквалангнинг ҳар бирида ичига сиқиқ (150 кг/см2) ҳаво тўлдирилган (ҳар бири 7 л ли) 2 баллон бор. А. сув остида 40 м гача чуқурликда 10 мин дан 70 мин гача бўлишга имкон беради.