АКУТАГАВА Рюноскэ (1892.1.3 – Токио — 1927.24.7) — япон ёзувчиси. Ўз асарлари билан япон адабиётини жаҳон миқёсига чиқишини бошлаб берган. У ижодида ғарб ва япон адабиёти анъаналарини ўзаро уйғунлаштириб, япон анъанавий тасвир ва ифода усулини янги йўналишга бурган. Инсон онгининг «жумбоқ»лиги, олдиндан айтиб бўлмаслик хусусияти ифодаланган ҳикоялари — «Рёсман» (1915), «Бурун» (1916) унга шуҳрат келтиради. «Куз» (1920), «Совуқ» (1924) психологик ҳикояларида эса ижтимоий ёвузлик дунёсида эзгуликнинг фожиавий қисмати акс этган. «Сув алвастилари мамлакатида» (1927) ижтимоий-фантастик мажозий асардир. Инсоннинг ёлғизлиги, унинг вақт, тарих оддида ожизлиги панднасиҳатдан иборат «Тентакнинг ҳаёти» (1927) номли сўнгги асарининг мавзуидир. Япон маданиятида беқиёс ўрин эгаллагани учун «Акутагава» миллий мукофоти таъсис этилган.