АКУЛАЛАР (Selachomorpha) — тоғайли балиқлар синфи пластинка жабралилар кенжа синфининг катта туркуми. Танаси суйри шаклда, сув тубида яшовчи Акулалар ясси, уз. 15—40 см дан (тиканли қора Акулалар) 15—20 м гача (гигант Акулалар), оғирлиги 14 т гача (гигант ва кит А.). Танаси плакоид тангачалар билан крпланган. Жабра ёриқлари 5 (баъзи турларида 6—7) тадан бўлиб, бошининг икки ёнида, оғзи бошининг остида танасига кўндаланг жойлашган. Дум сузгичи кучли ривожланган, ҳар хил катталикдаги (гстероцеркал) иккита бўлакдан иборат. Тишлари кўп, учи ўткир. Йиртқич Акулаларнинг тишлари жуда йирик. Кўпчилик Акулалар йиртқич; балиқлар, моллюскалар ва б. ҳайвонлар б-н, кит ва гигант Акулалар эса планктон билан озиқланади. Акулалар тухумдан тирик туғади ёки тухум қўйиб кўпаяди. Акулалар 6 туркумни (ҳар хил тишлилар, кўп жабралилар, ламносимонлар, катрансимонлар, аррабурунсимонлар, скватинсимонлар), 20 оилани ўз ичига олади. Акулалар Орол ва Каспий денгизидан бошқа ҳамма денгиз ва океанларда, айрим турлари чучук сув ҳавзалари (Ганг ва Амазонка дарёлари, Никарагуа кўли)да яшайди. Қора ва Узоқ Шарқ денгизларида тиканли қора Акулалар, яъни катран, Шим. ва Узоқ Шарқ денгизларида сельд Акулалар, шим. денгизларда қутб А. таркалган. Акулалар айниқса тропик денгизларда хилма-хил бўлади. Кўпчилик Акулалар овланади, жигаридан балиқ ёғи олинади, гўшти овқат учун ишлатилади. скелетидан балиқ елими тайёрланади. Кўпчилиги йиртқич Акулалар (йўлбарс А., кархародон, болғабош А., мако Акулалар ва б.), асосан балиқлар ва сувдаги умуртқасизлар б-н озиқланади.