АКТИНИЯЛАР

АКТИНИЯЛАР (Actiniaria) — денгиз бўшлиқичлилари туркуми; маржонполиплар синфи олти нурлилар кенжа синфига мансуб. Кўпчилик турлари якка яшайди. Танаси цилиндр шаклида, ёрқин рангли, кундаланг кесими бир неча мм дан 1,5 м гача, пастки ясси томони товон дейилади. Актиниялар мускулли товони ёрдамида секин ҳаракатланиши мумкин. Айрим турлари сув тубига ёпишиб ёки қумга кўмилиб олиб ҳаракатсиз яшайди, сузиб юрадиган турлари ҳам маълум. Танасининг юқори учида жуда кўп пайпаслагичлар билан ўралган оғзи жойлашган. Актиниялар йиртқич, майда умуртқасизлар, ҳатто майда балиқлар билан озиқланади. Ўлжасини отувчи ҳужайралар билан қуролланган пайпаслагичлар ёрдамида фалажлайди ёки ўлдиради. Отувчи ҳужайралари заҳари одам терисини ҳам куйдириб, оғриқ пайдо қилиши мумкин. Жинсий ва жинссиз — бўйига ёки кўндалангига бўлиниш орқали купаяди. 1500 га яқин тури Орол ва Каспий денгизидан бошқа барча денгизларда тарқалган. Кўпчилик турлари зоҳид қисқичбақалар ва б. умуртқасизлар б-н симбиоз яшайди.