АКС ЭТТИРИШ

АКС ЭТТИРИШ — мат. тушунчаларидан бири. Икки ихтиёрий X ва Y тўплам ҳамда бирор қонун (қоида) берилган бўлиб, бу қонунга биноан X нинг ҳар бир х элементига Y нинг аниқ бир у элементи мос қўйилади. Бу ҳолда X тўплам Y тўпламга акс эттирилган дейилиб, қуйидагича белгиланади: f:x—>y ёки X да аниқланган ва қийматлари соҳаси У бўлган у – (fx) оператор берилган дейилади. Мослик ўрнатиладиган қонун аналитик, график, жадвал ва ҳ. к. тарзида берилиши мумкин.