АККРЕДИТЛАШ

АККРЕДИТЛАШ — халқаро ҳуқуқда давлатнинг дипломатик ваколатхона бошлиғи ёки бирон-бир халқаро ташкилотда доимий вакили лавозимига тайинланиш ва лавозимни бажаришга киришиши билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар мажмуи. Аккредитлаш жараёни қуйидагилардан иборат: давлат ваколатли органи томонидан муайян шахсни ўз дипломатик вакили этиб тайинлаш тўғрисидаги ички ҳужжатни эълон қилиш, унинг хорижий давлат томонидан қабул қилинишига розилик олиш (агреман) ҳамда янги ишга тайинланган вакилнинг хизмат қиладиган давлат ваколатли органига ишонч ёрлиқларини топшириш. Биронбир давлатда мавжуд тажрибага асосан дипломатик ваколатхона бошлиғи ишонч ёрликларини топширган пайтдан ёхуд ўз ташрифи ҳақида хабар берган ва хизмат қиладиган давлат ташқи ишлар вазирлигига тасдиқланган ишонч ерлиқларининг нусхаларини тақдим этган вақтдан эътиборан ўз вазифаларини бажаришга киришган ҳисобланади. Давлатнинг халқаро ташкилотдаги доимий вакили халқаро ташкилотнинг ваколатли органига ваколат ёрлиғини топширган пайтдан бошлаб ўз вазифаларини бажаришга киришган ҳисобланади.