АККАД ТИЛИ

АККАД ТИЛИ (қад. шаҳар Аккад номидан) — машхур сом тилларининг энг қад. си. Икки диалектга — бобил ва оссурий диалектларига эга, шу боис кўпинча у бобил-оссурий (ёки оссурийбобил) тили деб ҳам аталади. Аккад тилининг ҳам (бошқа сом тиллари каби) ўзига хос хусусияти ундаги сўзлар ўзаги ундошлардан (кўпинча уч ундошдан) ташкил топишидир. Унлилар ҳамда ўзакка тегишли бўлмаган баъзи ундошлар грамматик муносабатни юзага келтиради ва ўзак умумий маъносини муайянлаштиради. Аккад тили ёзуви шумер силлабо-идеографик миххатига асосланган бўлиб, белгилар кўп товушли хусусиятга эга. Улар сони 500 дан ошиб кетади. Аккад тили миххат ёзувини 1857 й. га келиб тўлиқ ўқишга муваффақ бўлинган.