АКБАРНОМА

«АКБАРНОМА», «Тарихи Акбаршоҳий» («Акбаршоҳ тарихи») , «Тарихи Акбарий» («Акбар тарихи») — тарихий асар; бобурийлардан Акбар топшириғига кўра унинг вазири ва яқин сафдоши Абулфазл Алломий томонидан 1589—1601 й. ларда ёзилган. «Акбарнома» 3 жилддан иборат. Биринчи жилдида Акбарнинг туғилиши, унинг шажараси ҳикоя қилинади, Бобур, Ҳумоюн даврида Афғонистон ва Шим. Хиндистонда юз берган сиёсий вазият тасвирланади. Булардан ташқари Акбар ҳукмронлигининг илк 17 йили (1556—72)да рўй берган в-қеалар баён этилади. Иккинчи жилд Ҳиндистон ва Шим. Афғонистон тарихини (1573—1601/02 й.), учинчи жилд эса Акбар шахси, унинг саройи, бобурийлар салтанатининг тузилиши, мамлакатнинг маъмурий бўлиниши, солиқ ва б. дан келадиган тушумлар, динлар, ҳиндларнинг дунёқараши ва б. ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади. Учинчи жилд «Ойини Акбарий» («Акбар қонунлари») номи билан мустақил асар сифатида ҳам машҳур. Муаллиф вафотидан сўнг Акбар ҳукмронлигининг сўнгги даврлари ёзилмай қолган. Аммо, кейинчалик бу даврлар «Акбарнома» асоси (тартиби)да ёритилади (унда воқеалар йилма-йил баён этилади) ва у «Такмилаий Акбарнома» номи билан тарихга киради. «Акбарнома» га қўшимча қилинган сўнгги қисмлари муаллифи аниқ маълум эмас. Баъзи маълумотларга кўра, у лаҳорлик ёзувчи ва тарихчи Иноятулло ибн Муҳибб Али дейилса, бошқа маълумотларда Шоҳ Жаҳоннинг машҳур тарихчиси Муҳаммад Солиҳ Камбо («Шоҳ Жаҳоннома»нинг муаллифи) дейилади, учинчи бир маълумотда эса Абулфазл Алломий мактубларини тўплаган жияни томонидан ёзилган деб кўрсатилади. «Акбарнома»да тарихий воқеалар йилма-йил тадрижий суратда баён этилади. Маълумотлар эса расмий ҳужжатлардан олинади ва содир бўлган воқеаларнинг бевосита иштирокчиси, гувоҳи бўлганларнинг ёзишмалари ва хотираларига асосланилади. Шунга кўра «Акбарнома» қимматли ва ишончли тарихий асар ҳисобланади. «Акбарнома» нусхалари Англия, Франция, Ҳиндистон, Россия ва б. мамлакатларда сақланмоқда. 19-а. да «Акбарнома» Бевериж, Эллиот ва Доусонлар (I— II жилд), шунингдек Глодвин, Блошман, Жарретлар (III жилд) томонидан инглиз тилига таржима қилинган.

Ад.: Ахмедов Б. А., Историко-географическая литература Средней Азии XVI—XVIII вв., Т., 1985.