АКА БУХОР

АКА БУХОР (тахаллуси; асл исми Бухоржон Зокиров) (1894 — Қўқон — 1962) — ўзбек халқ қизиқчиси. 1916 й. дан малакали қизиқчи сифатида танилади. Қўқонлик Маҳкам Ҳофиз труппаси билан Тошкентга келиб, «Нон гарови», «Юрак оғриғи», «Рўмолча ўйнатиш» каби томошалар кўрсатади. Халқ созандалари ва қизиқчиларига ишбошилик қилади. Шўролар ҳокимиятининг дастлабки йилларида Ака Бухор эски қизиқчиликларни давр ва томошабинлар талабига мослайди: «Ҳасан-Ҳусан», «Олти бола», «Новвойлик», «Мироббоши», «Бой билан хизматкор», «Чаққон бола» ва б. 40 – й. ларда у Шокиржон Тошканбоев, Усмонжон Нишонбоев, Хакимжон Парпиев каби дорбозлар билан Туркистоннинг шаҳар ва қишлоқларида томошалар кўрсатади. Ака Бухор анъанавий театрнинг барча жанрларида ижод қилган. Ижрочи сифатида юз ва кўз ифодалари, товуш оҳангларидан жуда усталик билан фойдаланган. У кулгили ўйинларни ижро этишда, ҳажвий ҳикоялар айтишда, аскияда ҳам моҳир бўлган. Теша қизиқ Комилов, Тўйчиқори Раҳимов, Ғофуржон Мамаюнусов каби қизиқчилар Ака Бухорга эргашиб ижод қилганлар.

Ад.: Қодиров М., Масхарабоз ва қизиқчилар санъати, Т., 1968.